Сайтда техник ишлар олиб борилмоқда
Ishonch telefoni

(71) 244-87-53

Prezident virtual qabulxonasi
Vazirlar mahkamasi huzuridagi
Davlat don Inspeksiyasi

Мақола: Юксак ҳуқуқий маданият-қонун устуворлигининг гаровидир

ЮКСАК ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ - ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИНГ ГАРОВИДИР

Маълумки, кучли фуқаролик жамиятига эришиш учун фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини яхши билишлари зарур. Зеро, инсон ҳуқуқи ва асосий эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг етакчи тамойиллари сирасига киради. Шу сабабли, бугунги ривожланган дунёда ҳар бир давлат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, хавфсизлигини, яшаш шароитини таъминлаш борасидаги халқаро миқёсда қабул қилинган ҳужжатларни ратификация қилган. Бу ҳужжатларга оғишмай амал қилиш эса фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти қай даражада шаклланганига боғлиқ.

Ҳуқуқий демократияга асосланган фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан бормоқдамиз. Бу эса демократиянинг қоидалари, принципларига таяниш билан бир қаторда халқимизнинг ўзига хос миллий, маънавий хусусиятларини инобатга олишни тақозо этади. Чунки миллат тараққий этгани сари ўз илдизларига интилиб яшаш иштиёқи куча­йиб бораверади. Давлатимиз раҳбари И.А. Каримов таъкидлаганларидек, «Бизнинг олдимизда шундай тарихий имконият пайдо бўлдики, биз босиб ўтган йўлимизни танқидий баҳолаб, миллий давлатчилигимиз негизларини аниқлаб, буюк маданиятимиз томирларига, қадимий меросимиз илдизларига қайтиб, ўтмишимиздаги бой анъаналарни янги жамият қурилишига татбиқ этмоғимиз керак».

Фуқароларнинг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун асосий эътиборни нималарга қаратиш лозимлиги ҳақидаги вазифалар Олий Мажлис томонидан 1997 йил 29 августда тасдиқланган "Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастур"да белгилаб берилган. Ҳуқуқий маданият умуминсоний маданиятнинг таркибий қисмидир. У умумий маданиятнинг шунчаки бир қисми эмас, балки унинг ўзаги, негизи, асосидир. Ҳуқуқий маданият деганда, ҳар бир давлатнинг қонун асослари, ҳуқуқ меъёрларининг мавжудлиги, фуқароларнинг мавжуд қонунларини билиши ва ўз фаолиятида уларга риоя этиши — ҳуқуқий ва демократик давлат барпо этишнинг муҳим шарти ҳақида фуқаролик жамиятида кишиларнинг етук маънавияти, уларнинг ҳуқуқий бурч ва масъулиятлари тушунилади.

Зеро Президентимиз таъкидлаганидек: “Токи жамиятнинг ҳар қайси аъзоси ўз ҳуқуқи, ўз бурчи ва масъулиятини пухта бил­мас экан, уни ҳаё­тий эҳтиёж сифатида англамас экан, бизнинг ислоҳот, янгиланиш ҳа­қидаги барча сўзларимиз, саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетаверади. Бугун одамларнинг дунёқараши, онги, тафаккурини ўзгартириш мана шу масала билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолади”.

Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик  жамиятини ривожлантириш ўз навбатида ҳар бир киши ўзини тўла эркин тутишни ҳам тақозо этади. Эркинлик қонун устуворлигини таъминлашнинг ҳам муҳим омилидир. Бобомиз Амир Темурнинг “Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, ўша ерда эркинлик бўлади”, деган ўгитлари ҳозирги кунда ҳам ўзига хос маъно касб этмоқда. Жамият аъзолари ҳуқуқий хулқ-атворга эга бўлиши  ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши, улар ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам ёрдам беради. Янги жамият кишиларининг одоб-ахлоқи, энг аввало, жамиятда кишининг хулқи, юриш-туриши ва ҳаёт фаолиятининг маҳсули сифатида намоён бўлади. Жамият аъзоси ўзининг ҳуқуқий маданиятини шакл­лантиришдан бевосита манфаатдор бўлиши ва ҳар доим уларнинг ижтимоий хавфли ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги, хулқ-атвори жамоатчилик назоратида бўлишини таъминлаш, ўз навбатида, қонунларнинг ижросини амалга оширишнинг муҳим гарови ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясида ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилган бўлиб, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида қабул қилинган қарорлари, чора-тадбирлари режаси, дастурлари сўзсиз бажирилиб келинмоқда. Бунга мисол қилиб инспекция томонидан тасдиқланган режага асосан ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўтказиб бориладиган “Ҳуқуқий билимлар” ўқув машғулотлари, шунингдек инспекциянинг барча ходимлари (шу жумладан вилоят бўлинмалари) иштирокида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Республика маънавият тарғибот маркази ва бошқа идоралардан малакали мутахассисларни жалб қилган холда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида ташкил қилиниб келинаётган давра суҳбатларини кўрсатишимиз мумкин. Бундан ташқари янги қабул қилинаётган қонунларимизни мазмун-моҳиятини етказишда юқоридаги идоралар билан ҳамкорлик қилиб инспекция ходимларининг ҳуқуқий маданияти ҳамда ижтимоий фаоллиги юксалишини таъминлашда бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасидаги олиб борилаётган барча ишлар ходимларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаб, уларнинг ҳуқуқий онги ва билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун хизмат қилади.

 

Н. Хажиев

"Ўздавдонинспекция" юрист-маслаҳатчиси