Сайтда техник ишлар олиб борилмоқда
Ishonch telefoni

(71) 244-87-53

Prezident virtual qabulxonasi
Vazirlar mahkamasi huzuridagi
Davlat don Inspeksiyasi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясида ўтказилган ўқув семинар БАЁНИ

 

2015 йил 21 октябрь   санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясида ўтказилган ўқув семинар БАЁНИ

Семинар мавзуси: Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонуни мазмун-моҳияти, ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти ва амалий ифодасини ўрганиш тўғрисида

Семинарга раислиқ қилган: А. Махмудалиев – бошлиқ ўринбосари

Таклиф этилганлар: Қ. Хафизов – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи

Қатнашганлар: Марказий аппарат ходимлари, ҳудудий бўлимларнинг бош ва етакчи инспекторлари, марказий ва минтақавий лабараториялар мудирлари (рўйхат бўйича)

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Қ. Хафизов ўқув семинари иштирокчиларига қуйидагилар тўғрисида тўхталиб ўтди:

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги Фармони ва унинг асосида жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сўнгги йилларда ушбу соҳада ишлаб чиқилган, ўз кўлами ва мазмунига кўра энг муҳим норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Бу хусусий сектор фаолиятини кучайтириш ҳисобига иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишига асос бўлиши, шубҳасиз.

Қабул қилинган янги Қонун хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга муҳим ҳуқуқий асос яратди.

Қонун билан давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес юритиш тартиби, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабатлардан тортиб уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, жавобгарликни эркинлаштиришга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги анча кучайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” деб номланган янги боб билан тўлдирилди. Ўн бир моддадан иборат ушбу бобда хусусий мулк ҳуқуқи кафолатлари ўз ифодасини топган.

“Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш” деб номланган моддага назар ташлайдиган бўлсак, унда назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш каби жиноятлар учун катта миқдордаги жаримадан тортиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар  белгиланди.

Қонунчиликдаги янгилик бўлган бу меъёр хусусий мулк устуворлиги принципига тўла мос бўлиб, амалда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига хизмат қилади.

Қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар туфайли хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятининг янада эркин ривожланиши, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилди.

Қонун тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини янада кучайтирди. Бу борада суд органларининг масъулиятини оширди. Жумладан, хўжалик ишларини тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида Хўжалик процессуал кодексининг 116, 122 ва 125-моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача камайтирилди.

Хўжалик судларига тааллуқли ишлар доираси кенгайтирилиб, меҳнатга оид низолардан ташқари, барча корпоратив низолар хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланди. Хўжалик процессуал кодекси “Корпоратив низолар бўйича иш юритиш” деб номланган янги 204-боб билан тўлдирилди. Унда суд томонидан ҳал этиладиган корпоратив низолар турлари белгиланди. Мазкур низолар бўйича ишларни кўриб чиқиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлари, низо бўйича даъво аризасига қўйиладиган талаблар, бу борада даъвони таъминлаш чоралари тартибга солинди.

Барча корпоратив низолар хўжалик судларига тааллуқлилигининг белгиланиши натижасида фуқароларнинг судма-суд овора бўлиб юришлари бартараф этилди. Ишларни янада сифатли кўриб чиқиш ва мазкур соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш имконияти яратилди.

Давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ноқонуний ҳужжат қабул қилинганлиги ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги оқибатида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволарни кўришда суд даъвогарнинг аризаси бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлиги белгиланди.

Кассация инстанцияси суди томонидан ишларни янгидан кўриш учун юбориш асосларининг камайтирилиши Кодексга киритилган ўзгартишлардан биридир. Шу пайтга қадар кассация инстанцияси суди қуйи суднинг ҳужжати етарлича асосланмаган бўлса, уни бекор қилиш ҳамда ишни тегишли инстанция судига янгидан кўриш учун юбориши мумкин эди. Эндиликда кассация инстанцияси суди қуйи судлар томонидан ишларни кўришда фақат процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, суд ҳужжатини бекор қилиш ҳамда ишни тегишли инстанция судига янгидан кўриш учун юбориши мумкин. Бу билан  низоларнинг судда узоқ вақт мобайнида кўриб чиқилиши ва фуқароларнинг судларда инстанцияма-инстанция юришларига деярли чек қўйилади.

Қонун асосида “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, Қонуннинг 14-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошиси чиқариб ташланди. Бунинг моҳияти шундаки, лицензия олиш учун аввал юридик шахслар ҳам, жисмоний шахслар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тегишли органга топширарди. Бу ҳужжатнинг эндиликда талаб қилинмаслиги тадбиркорлар учун яратилган яна бир қулайлик бўлди.

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмидаги “ўн кун муддат” деган сўзлар “уч кун муддат” деган сўзлар билан алмаштирилди.

Аҳамиятлиси, янги Қонун билан лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу жараёнда қонунбузарликнинг даражасига қараб жарима, ахлоқ тузатиш, ҳатто озодликдан маҳрум қилиш жазолари ҳам қўлланилади.

Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди. Жумладан, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатларини бузиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва муддатларини бузиш, шунингдек, давлат хизмати кўрсатишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёхуд уни кўрсатишдан бўйин товлаш мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундай чоралар лицензия берувчи, давлат хизматлари кўрсатувчи органларнинг масъулиятини янада оширади. Муҳими, бу билан тадбиркорларга  ҳар томонлама кенг қулайликлар яратилди.

Маърузадан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан ўқув машғулот иштирокчилари ўртасида савол-жавоб ва мунозаралар ўтказилиб, фикрлар алмашилди.